Президент Сергелида метро қурилиши билан танишди


Nashr qilingan sana: 12-07-2017      Muallif:admin      1412 - ko'rib chiqilgan

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкентнинг Сергели туманида метро қурилиши билан танишди, деб хабар қилди ЎзА.

Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олтита бекат бунёд этилади.

2017−2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради.

Қурилишда фойдаланилаётган техника турларига алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди. Бундан ташқари геология масалалари ҳам диққат марказида бўлиши керак.

Давлат раҳбари янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугун 2017−2019 йилларга қуриб битказилиши кўзда тутилган мазкур йўналишнинг Туркистон бекатида пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда.

Янги қурилаётган метро бекатларининг дизайни, деворларига ишлатиладиган қурилиш материаллари, тасвирлардан намуналар намойиш этилди.

Президент бекатлар шинам ва ёруғ бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Ёш дизайнерлар ўртасида танлов ўтказиш керак, деди.

Axborot manbai:  www.gazeta.uz


Izoh qoshish

Your email address will not be published.